Бир фақир киши бор эди. Фарзандлари кўп, топадиган пули рўзғорига етиб-етмасди. Бахти кулиб, катта бир ер унга мерос сифатида тегиб қолди. Ернинг баҳоси жуда қиммат, миллионларга баҳоланар эди. Қолаверса, ушбу ер масжид учун ўта муносиб эди. Масжид қуришга ер излаб юрган бойлардан бири бу ернинг дарагини эшитиб, излаб-излаб фақирнинг уйига келди ва ерни сотиб олмоқчилигини айтди. Фақир киши ер учун 5 миллион фунт (лира) сўради. Тортишув ва ўзаро рози-ризоликдан кейин 4 миллион фунтга келишишди. Кейин бойга ҳамроҳ бўлиб келган муҳандис қўлидаги дафтарини очиб, унга 2 миллион бериш ҳақида ёзиб қўйди. Буни кўрган фақир: “Қолганини қачон берасизлар?” деди. “Қолганини воз кечганингиздан кейин берамиз” деди муҳандис. “Воз кечиш нима дегани?” деб сўради фақир. Муҳандис: “Ушбу ерингиз куни келиб масжидга айланади. Яъни бу ерга масжид қурилади. Биз билан Вақф ишлари вазирлигига борасиз ва у ердаги махсус ҳужжатга бу ерни бизга сотганингиз ва унга эгалик ҳуқуқидан воз кечганингиз ҳақида ёзиб берасиз. Шунда биз пулнинг қолганини берамиз” деб тушунтирди. Фақир киши ҳайрон бўлиб, “Бу ерга масжид қуриладими?” деб сўради. Муҳандис “Ҳа, масжид қурилади” деб жавоб берди. Бу гапни эшитган фақир: “Мен келажакда масжид қуриладиган еримни пулга сотгани Аллоҳ таолодан ҳаё қиламан. Бу ерни Аллоҳ учун эҳсон қилгани сиздан кўра мен муносиброқман” деди. Агар Дамашққа борсангиз, унинг жанубий томонида энг баланд мезанали масжид бор. Бу – воқеамиз қаҳрамони бўлган фақир кишининг эҳсон қилган ерига қурилган масжиддир. Бу воқеадан сўнг ерни сотиб олмоқчи бўлган ҳалиги бой шундай деган: “Бир тийини йўқ мана шу инсоннинг олдида ўзимни кичик, арзимас санаганимчалик бошқа бирор кишининг олдида ўзимни кичик, арзимас деб ҳисобламаганман”. Доктор Муҳаммад Ротиб Набулсийнинг мавъизаларидан Нозимжон Иминжонов таржимаси.